Ўзбекистон Президенти давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлади

Foto: Prezident.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 7-9 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.

Ташриф дастурига мувофиқ, давлат раҳбарларининг музокаралари ва Президентлар раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари, халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилади.

Асосий эътибор савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда бошқа устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига қаратилади.

Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, давлат ташрифи доирасида Қозоғистон пойтахтида ишбилармонлик ва маданият тадбирлари ўтказилмоқда. Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкалини очиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Президенти 9-август куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ва «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг биринчи саммитида иштирок этади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.