Ўзбекистон президенти ўлим жазосини тақиқлашни Конституцияда мустаҳкамлаб қўйишни таклиф қилди

Источник: Шерзод Асадов

Шавкат Мирзиёев ўлим жазосига тақиқни Конституцияда мустаҳкамлаб қўйишни таклиф қилди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот котиби.

Президент Конституцияга ўзгаришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни шакллантириш бўйича комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувда “айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақида таклифлар”га қўшилмаслигини билдирди.

«Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган яна бир муҳим нормани киритишни таклиф қиламан. Шу тариқа, биз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканимизни бутун дунёга яққол намоён қиламиз», — деди  президент.

Унинг сўзларига кўра, “яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган”.

Бундан ташқари, Мирзиёев Конституцияга “Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас”, деб қатъий ёзиб қўйишни ҳам таклиф қилди.

Ўзбекистон президенти, шунингдек, хавфсизлик кучлари томонидан одамларни 48 соатдан ортиқ сабабсиз ушлаб туришни тақиқловчи ва уларни ҳибсга олиш нима учун амалга оширилаётганини тушунтиришга мажбурловчи моддани киритишни ҳам муҳим деб ҳисоблади.

2005 йилда Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов мамлакатда 2008 йилдан бошлаб ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди. Ушбу жазо тури қасддан одам ўлдириш ва терроризм учун умрбод қамоқ жазосига ўзгартирилди. Бироқ, аёллар, вояга этмаганлар ва 60 ёшдан ошган эркаклар умрбод қамоқ жазосига тортилмайди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.