Ўзбекистон президенти ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилишида қатор таклифларни илгари сурди

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Ўзбекистон президенти 4 июль куни ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдаги мажлисида иштирок этди. Шавкат Мирзиёев ташкилот доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни баён қилди.

Хусусан, давлат раҳбари кўп томонлама сиёсий ҳужжат – ШҲТнинг яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

– Унинг қабул қилиниши устувор вазифаларни аниқлаш, янги шароитларда кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича умумий ёндашувлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини беради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент инновацион тараққиёт, рақамлаштириш ва роботлаштириш, сунъий интеллект, биотехнология, фармацевтика ва келажак саноатининг бошқа тармоқларини қамраб оладиган ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқоти дастурини қабул қилишни таклиф этди.

Бу йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида давлат раҳбари Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудларининг инновацион шериклиги ҳафталигини ҳамда юқори теҳнологиялар қўшма кўргазмасини ўтказиш таклифини билдирди.

Транспорт-коммуникация масалаларига тўхталиб, Ўзбекистон президенти ШҲТ давлатларининг транспорт ўзаро боғлиқлигининг ягона харитасини ишлаб чиқиш ташаббусини билдирди.

– Бу “тўсиқлар” ва “бўшлиқлар”ни аниқлаш, умумий, интеграциялашган транспорт-транзит тизимини шакллантириш учун устувор чора-тадбирлар ва лойиҳаларни белгилаш имконини беради, – дея қайд этди у.

Келгуси йилни ШҲТ маконида Экология йили деб эълон қилинишини қўллаб-қувватлаб, мамлакат етакчиси “Яшил камар” дастури доирасида Минтақавий экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва “яшил” технологияларни жорий этиш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини тайёрлашни таклиф қилди.

– ШҲТ майдонида иқлим ўзгаришига мослашиш, декарбонизация ва “тоза” технологияларни жорий этиш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва сув тежамкорлигини ривожлантириш бўйича яқинроқ мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорлик зарур, – деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон Президенти Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро университети негизида шу йилнинг октябрь ойида Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей сессияси доирасида ШҲТ туризм индустриясини ривожлантириш бўйича қўшма илмий-амалий конференция ўтказишга тайёрлигини билдирди.

«Давлатимиз раҳбари ШҲТнинг бой маданий-гуманитар салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида ўзаро мувофиқлашган сиёсатни амалга оширишнинг долзарб аҳамиятига алоҳида тўхталди. Шу муносабат билан интенсив маданий алмашинувнинг йиллик тақвимини шакллантиришни амалиётга жорий этиш ҳамда “ШҲТ – келажакнинг ижодий ғоялари ва ташаббуслари макони” ёшлар алмашинувини кенгайтириш бўйича Тадбирлар дастурини тайёрлаш таклиф қилинди», – дея қайд этади президентнинг матбуот хизмати.

ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолиятини фаоллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни қайд этиб, Шавкат Мирзиёев тузилма кенгашининг сайёр йиғилишлари амалиётини давом эттиришни қўллаб-қувватлади, бу тузилманинг замонавий таҳдидларга тезкор жавоб бериш масалаларида ваколатларини оширишга имкон беришини таъкидлади.

Президент “ШҲТ – Афғонистон” алоқа гуруҳи форматида қўшма фаолиятни ва маслаҳатлашувларни қайта тиклаш таклиф қилди.

Тадбир якунида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари қуйидаги ҳужжатларни имзоладилар:

– ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Нью-Деҳли декларацияси;

– 2030 йилга қадар ШҲТ минтақасида иқтисодий ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида қарор;

– Эрон Ислом Республикасини ШҲТ аъзолигига қабул қилиш тартиботини якунлаш ва унга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш тўғрисида қарор;

– Беларусь Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумни имзолаш ҳақида қарор.

Бундан ташқари, иқтисодий ҳамкорлик ва рақамли трансформацияни янада ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қаратилган 10 та ҳужжат қабул қилинди.

ШҲТга раислик Қозоғистон Республикасига ўтди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.