Ўзбекистон президенти Си Цзиньпинни ХХР раиси лавозимига қайта сайлангани билан табриклади
Ўзбекистон президенти ХХР раиси Си Цзиньпинга Бутунхитой халқ вакиллари йиғинининг 14-чақириқ биринчи сессиясида олий лавозимга қайта сайлангани муносабати билан табрик йўллади.
«Давлатимиз раҳбарининг қутловида сўнгги йилларда Хитой Си Цзиньпин раҳбарлигида барча соҳа ва тармоқларда мисли кўрилмаган натижаларга эришгани, илмий-технологик, инновацион ва ижтимоий ривожланишда улкан ютуқларни қўлга киритгани алоҳида таъкидланган», – дейилади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабарида.
Хитойнинг амалдаги раҳбари номзоди бир овоздан маъқулланди, дея хабар беради «Синьхуа» агентлиги ҳам.
Си Цзиньпин учинчи беш йиллик муддатга қайта сайланган биринчи Хитой президенти бўлди. 2018 йилгача бу лавозимда фаолият кўрсатиш муддати икки муддат билан чекланган эди. Кейинчалик бу чекловларни олиб ташлаш учун Хитой Конституциясига ўзгартиришлар киритилди.
Октябрь ойида Си Цзиньпин ҳукмрон Хитой Коммунистик партияси (ХКП Марказий Қўмитаси) бош котиби лавозимига яна бир муддатга қайта сайланганди. У, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси Марказий Ҳарбий Кенгаши раиси – Хитой Халқ-озодлик армияси қўмондони ҳам ҳисобланади.
Шарҳлар