Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6-июл куни Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг «Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш» шиори остидаги норасмий саммитида иштирок этди.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва ТДТ Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ушбу учрашув туркий дунёнинг маданият пойтахтларидан бири бўлган Шуша шаҳрида ўтказилаётганида чуқур маъно мужассамлигини таъкидлаб, Президент Илҳом Алиев раҳбарлигида Қорабоғда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини юксак баҳолади.
Ўтган қисқа даврда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида 30 дан ортиқ муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.
«Ушбу саммитимиз глобал хавф ва хатарлар ортиб, ўзаро ишонч инқирози тобора кучайиб бораётган бир шароитда ўтмоқда. Бундай мураккаб вазиятда азалий қардошлик руҳидан куч олаётган алоқаларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни, умумий ёндашувларни ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда», – деди Ўзбекистон Президенти.
Шарҳлар