Ўзбекистон президенти “Туркий дунёнинг олий ордени” билан тақдирланди
Туркий давлатлар ташкилоти Давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевга туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун “Туркий дунёнинг олий ордени”ни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Ташкилот давлатлари раҳбарлари номидан мукофотни Қозоғистон Президенти топширди.
“Бу мукофотни мен биринчи навбатда чинакам биродарлик ришталари асосида янгидан юксалаётган яқин дўстлигимиз ва ҳамкорлигимиз рамзи, деб биламан”, – деди маросимда Ўзбекистон президенти, ҳамкасбларга миннатдорлик билдириб.
Охирги даврда Туркий дунёнинг нуфузи ва салоҳияти ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ юксалаётгани алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон 2019 йилда ТДТга аъзо бўлиб кирганидан буён мамлакатимиз томонидан туркий мамлакатлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган 50 дан ортиқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
“Барчамизнинг орзу ва мақсадларимиз, интилиш ва ҳаракатларимиз уйғун ва ҳамоҳангдир. Азалдан дўст ва қардош бўлган туркий халқларимиз бундан кейин ҳам аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, ёруғ келажакни биргаликда бунёд этадилар”, – деди президент.
Шарҳлар