Ўзбекистон президентининг Нукусдаги мурожаатидан олинган асосий фикрлар
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 июль куни оммавий намойишлар бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикасида бўлди. У ерда у Жўқорғи Кенгес депутатлари, Вазирлар кенгаши раҳбарияти ҳамда жамоатчилик вакиллари билан учрашди. Шунингдек президент мурожаат билан ҳам чиқди. Қуйида ушбу мурожаатдаги асосий фикрларни келтирамиз.
– Маълумки, шу кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси давом этмоқда. Фуқароларнинг ўз фикри ва хоҳиш-иродасини демократик принциплар ва ҳуқуқий нормалар асосида эркин билдириш бўйича яратилган шарт-шароитларга қарамасдан, айрим ғаразли кучлар конституциявий ислоҳотларга норозилик баҳонасида тажовузкорлик ва зўравонлик йўлини танлаб, Ўзбекистондаги вазиятни беқарор этиш ва издан чиқаришга уринмоқда. 1 июль куни Нукус шаҳрида сохта шиорларни ўзига ниқоб қилиб олган ҳолда, фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг фикрини чалғитиб, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, тартибсизликлар келтириб чиқарди, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини эгаллаб олишга уринди.
– 2 июль куни жамоат тартибини бузишга қаратилган ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги талабларга қулоқ солмасдан, республиканинг маъмурий марказидаги асосий кўчаларда бузғунчилик ишларини давом эттирди. Шаҳар бўйлаб юриш давомида улар инфратузилма объектларига сезиларли даражада зарар етказишди. Биноларнинг ойналарини синдириб, ёнғинлар содир этишди. Бир нечта гуруҳлар қурол-яроғларни қўлга киритиш мақсадида Нукус шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллашга уринишди. Ушбу кимсалар сон жиҳатига кўра нисбий устунликдан фойдаланиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳужум қилишди, уларни аёвсиз калтаклаб, оғир тан жароҳатлари етказишди. Минг афсуски, тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қурбонлар бор.
– Давлат раҳбари Нукус шаҳридаги Жекетерак маҳалласида бўлиб, халқ билан ҳам мулоқот қилди. Жекетераклик ёшуллилар кечаги кўнгилсиз воқеаларда баъзи ёшлар адашгани ва қонунга зид ҳаракатлар содир этгани, ташқи ғаразли кучлар таъсирига тушиб, ҳис-ҳаяжонга берилганини афсус билан қайд этишди. Ўзбеклар ва қорақалпоқлар икки тилли бир эл эканини, мамлакатимиз бирлиги ва тинчлигини қадрига етиш кераклигини таъкидлашди.
– Шунингдек Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, Вазирлар Кенгаши раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқимизнинг таклиф ва фикрлари асосида такомилга етказилиши яна бир таъкидланди. Ҳали бу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади ва фуқаролар эркин овоз бериш йўли билан ўз хоҳиш-иродасини билдиради.
Бундай ёндашув “Халқ – Конституциянинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи”, деган принципга тўла мос келади. Фақат шундагина ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – бу менинг Конституциям”, деб ғурур билан айта олади.
Қорақалпоғистон аҳолиси томонидан билдирилаётган фикрларни инобатга олиб, Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда, ўзгартирмасдан қолдиришни таклиф этган эди. Яқин кунларда бу масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўриб чиқади.
– Жўқорғи Кенгес депутатлари ёшларни ақл-идрок билан иш тутишга, турли хил ғаразли чорлов ва ҳаракатларга алданмаслик, уларнинг қурбонига айланмасликка чақирди. Сепаратизмга, оммавий тартибсизликларга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилиши, айбдорлар жазога тортилиши айтиб ўтилди.
– Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигидир. Барчамиз биргаликда Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни албатта барпо этамиз, – дея таъкидлади давлат раҳбари.
Шарҳлар