Ўзбекистон Россияга меҳнат мигрантларини ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаш процедураларини соддалаштиришни таклиф қилди
Ташкиллаштирилган тарзда ишга жойлаштириш доирасида ходимларни ишга ёллаш процедурасини соддалаштириш лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов Москвада россиялик ҳамкасби Антон Котяков билан учрашув чоғида билдирган, деб ёзади “Фергана” нашри.
Хусановнинг фикрича, 2017 йилда имзоланган ташкилий ишга қабул қилиш бўйича ҳукуматлараро келишув пандемия даврида меҳнат бозоридаги мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда янгиланиш ва тузатишларни талаб қилади.
«Ишга қабул қилиш тартиб-таомилларини ҳам ходим, ҳам иш берувчи учун имкон қадар содда ва қулай қилиб, ҳар икки томон учун зарур кафолатларни таъминлаш зарур», — деди вазир.
Қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига меҳнат мигрантларини жалб этишнинг соддалаштирилган тартиби, меҳнат жараёнларини рақамлаштириш ва қонунчилкдаги инновациялар бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш масалалари учрашувнинг асосий мавзусига айланди. Нозим Хусанов россиялик ҳамкасбига Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва икки мамлакат савдо-саноат палаталари ўртасида касб-ҳунар таълими тизимини қўллаб-қувватлаш ва назорат қилишни назарда тутувчи ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама Битим имзолангани ҳақида маълумот берди. Ҳужжат доирасида мигрантларни касбга, рус тили ва қонунчилик асослари бўйича ўқитиш ва аттестациядан ўтказиш ҳамда иш берувчилар томонидан меҳнат нормаларига амал қилиш кафолатларини тасдиқлаш кўзда тутилган.
Шунингдек Хусанов айни пайтда Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида касбий ва тил бўйича тайёргарликни, тадбиркорликка ўқитиш ва меҳнат миграцияси масалалари бўйича консультация беришни кўзда тутувчи ишсиз аҳолига хизматлар кўрсатиш тизими яратилганини гапириб берди.
Ўз навбатида, Антон Котяков Россия вазирлигининг олдида, бир томондан, Россия фуқароларининг бандлигини таъминлаган, бошқа томондан эса, компанияларда ходимлар танқислиги ҳис қилаётган вазиятларда ҳам лойиҳаларни амалга ошириш учун шароитлар яратган ҳолда, меҳнат бозорида мувозанатни ушлаб туриш вазифаси турганини маълум қилди.
«Ушбу мувозанатни сақлаш учун биз ташкиллаштирилган ҳолда ишга ёллаш дастурини ривожлантиряпмиз, бунда хорижий ишчилар конкрет иш ўринларига келади. Бу хорижий фуқароларнинг ҳимояланганлик даражасини ҳам оширади: улар меҳнат шароитларини олдиндан тушунишади, иш берувчининг улар олдидаги масъулияти ошади», — дейди Котяков.
Вазирлик юқорида тилга олинган Келишув доирасида 2021 йилда 10 минг нафар Ўзбекистон фуқаросини россиялик иш берувчиларнинг эҳтиёжлари бўйича қурилиш соҳасида ишга жойлаш бўйича лойиҳа бошланди. Йил бошида COVID-19 билан боғлиқ талабларни ҳисобга олган ҳолда ҳаракатлар алгоритми ишлаб чиқилди.
Унга кўра, бўлғуси ишчилар Ўзбекистон ҳудудида малакавий танловдан ўтади, иш берувчи эса Россия Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда бевосита ишчининг ўзи билан пилот лойиҳада қатнашиш ҳақида келишув тузиши шарт. “Бу барча зарур процедураларга, шу жумладан эпидемияга қарши тадбирларга ва ишчининг ҳимоясига амал қилинишини кафолатлайди”, — дея қайд этилади хабарда.
“Бугун алгоритм туфайли 50 мингдан ортиқ хорижий ишчи учун Россияга кириш очиқ, ушбу ишчиларнинг 72% ни Ўзбекистон фуқаролари ташкил қилади”.
Учрашув давомида икки мамлакат вазирлари юқорида тилга олинган келишувга ўзгаришлар киритиш, ҳамкорликдаги малака ошириш ҳамда меҳнат органлари ходимларини меҳнат муносабатларини рақамлаштириш соҳасида стажировкадан ўтказиш ҳамда меҳнат муҳофазасини таъминлаш, корхоналарда жароҳатланиш даражасини камайтириш ва меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш бўйича дастурларини амалга оширишга келишиб олишди.
Россия ҳукуматининг ўзбекистонликларни қурилиш соасида ишлаш учун жалб қилиш бўйича пилот лойиҳаси 7 октябрда Россия бош вазири Михаил Мишустин томонидан тасдиқланди.
Шарҳлар