Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва МАГАТЭ ҳамкорликда онкология соҳасининг мутахассисларини тайёрлаш ҳақида келишиб олишди
Венада Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Бош конференциясининг 68-сессияси доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров ва МАГАТE Бош директори Рафаэль Гросси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида томонлар ядро тиббиёти, жумладан, радиациявий ҳимоя, радиация терапияси муассасаларини модернизация қилиш ва диагностик радиология сифатини оширишни ўз ичига олган икки томонлама ҳамкорлик фаол ривожланаётганини қайд этдилар.
Тошкент шаҳридаги янги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учун мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланиши учрашувнинг асосий натижаси бўлди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистонда саратон касаллигини ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этишга қаратилган.
Гросси мамлакатимизда онкологик хизмат кўрсатиш сифатини оширишдаги ушбу қадам муҳимлигини таъкидлади ва ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Учрашув якунида Худаяров Гроссини ядро тиббиёти соҳасидаги ютуқлар билан танишиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришни таклиф қилди.
Шарҳлар