Ўзбекистон Тайвань атрофида юзага келган кескинликнинг тезда бартараф этилишига умид билдирди
Тайвань билан боғлиқ вазиятнинг ривожланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги юзага келган кескинликнинг тезда бартараф этилишига умид билдиради. Ушбу хабар “Дунё” агентлиги томонидан тарқатилди.
«Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари ва тамойилларига мувофиқ, “ягона Хитой” сиёсатини, бу мамлакатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини изчил қўллаб- қувватлайди».
2 август куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг спикери Нэнси Пелоси – Америка сиёсий тизимидаги учинчи шахс – Тайванга учиб келди (Конгресс қуйи палатаси спикери 1997 йилдан бери Тайванга келмаган). Пелоси Тайвань парламентига ташриф буюриб, орол маъмуриятининг раҳбари Цай Инвэнь билан учрашди. Инвэнь хоним унга “Хайрихоҳ булутлар” орденини топширди.
Пелосининг Тайванга ташрифи Хитой расмийларини ғазаблантирди. Улар Тайвань яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказилишини эълон қилди.
Эртаси куни Хитой 3 августдан Тайванга табиий қум етказиб беришни тўхтатишга қарор қилди. Хитой божхона хизматининг маълумотларига кўра, 3 августдан бошлаб Тайвандан цитрус мевалари ва икки турдаги балиқ импорти ҳам тўхтатилган.
Бундан ташқари, Хитой ҳукумати томонидан айирмачиликни қўллаб-қувватлаш ва Хитойни қоралашда айбланган Хитой фуқаролари ва компанияларига Тайваннинг иккита фонди билан бизнес юритиш тақиқланган.
Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши қошидаги Тайван ишлари бўйича идораси орол ҳукуматини “«мустақиллик» бўйича провокациялар уюштириш учун”ташқи кучлар билан тил бириктиришдан огоҳлантирган ва бу “Тайванни фалокат тубига итариши”ни қайд қилган.
Шарҳлар