Ўзбекистон терма жамоаси бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 3-турини қандай ўтказди

13 сентябрь куни ўтган 3-турда эркаклар терма жамоаси Хорватия вакиллари билан куч синашди. Муросасиз ўтган баҳсларда терма жамоамиз аъзоларидан Нодирбек Ёқуббоев хорватиялик Саша Мартинович билан дуранг ўйнаган бўлса, Нодирбек Абдусатторов Анте Бркични, Жавоҳир Синдоров Леон Ливаични, Шамсиддин Воҳидов Жденко Козулни мағлуб этди. Шу тариқа Ўзбекистон-Хорватия баҳси 3,5:0,5 ҳисобида якунланди.

Қизлар терма жамоаси венгриялик рақибларини 2,5:1,5 ҳисобларида таслим этди. Шахматчи қизларимиздан Афруза Ҳамдамова Зсока Гаални, Умида Омонова Жулианна Тербени 1:0 ҳисобида енгди. Нилуфар Ёқуббоева Танх Хоангга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Маржона Маликова – Петра Папп қарама-қаршилигидаги баҳсда томонлар муроса йўлини танлади-0,5:0,5.

Бугун, 14 сентябрь куни эркаклар терма жамоаси қора доналарда Ветнам вакиллари билан, қизлар терма жамоаси оқ доналарда Болгария вакиллари билан рўбарў келади.

Ортда қолган 3-тур сарҳисобига кўра, 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида иштирок этаётган эркаклар терма жамоаларининг 197 тасидан 16 таси 6 очко билан ғолибликка даъвогарлик қилмоқда. 10 та жамоа 5 очкога эга бўлиб турибди.

Аёллар ўртасидаги мусобақаларда эса 184 та жамоадан 16 таси 6 очко, 8 таси 5 очко жамғарган. Ўзбекистон эркаклар ва аёллар жамоалари ҳам 6 очкога эга бўлган тарзда юз фоизлик имконият билан шахмат олимпиадасидаги иштирокини давом эттирмоқда.

Маълумот учун, шахмат олимпиадаси баҳслари 23 сентябрга қадар давом этади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.