Ўзбекистон ТИВ Афғонистон билан чегарадаги вазият ҳақида: “Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилади”

23 июнь куни афғон чегара қўшинларининг 53 нафар ҳарбий хизматчиси ва маҳаллий қуролли гуруҳлар жангчилари Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ўтди. Зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВнинг матбуот хизмати хабар беради.

«Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилади, давлат чегарасини бузганларга эса энг кескин чоралар кўрилади».

Идора ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳамда тинч аҳоли орасида қурбонлар келиб чиқишига йўл қўймасликка чақирди.

«Ўзбекистон Афғонистондаги, жумладан, чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда. Қўшни мамлакатда зўравонликнинг ортиши чуқур хавотир уйғотмоқда. Коронавирус пандемиясининг янги тўлқини шароитида кескинликнинг кучайиши афғон халқи ҳаётини янада мураккаблаштирмоқда».

Ўзбекистон ТИВ Ўзбекистон ҳукумати биродар афғон халқини ҳар томонлама иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш, жумладан, мамлакатда мустаҳкам ва кенг қамровли тинчлик ўрнатилишига хизмат қиладиган йирик энергетика ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали кўмак беришда давом этишини таъкидлайди.

«Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини асраш, бетарафликни сақлаш  ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилади», – дейилади ТИВ баёнотида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.