Ўзбекистон ТИВ Афғонистонда аёлларнинг таълим олишига қўйилган тақиқдан хавотир билдирмоқда

Фото: ariananews.af

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда аёллар ва қизларнинг давлат ва хусусий олий таълим муассасаларида ўқиши тақиқлангани ҳақидаги хабарни “чуқур хавотир билан” қабул қилди.

“Биз ушбу қарорни афғон халқининг тинч ва фаровон келажак қуришга интилишларини қўллаб-қувватлашга бўлган қатъийлик белгиси сифатида қайта кўриб чиқилишига умид қиламиз”, — дейилади ТИВ баёнотида.

Ўтган йил декабрь ойи охирида Афғонистонда 2021 йилда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон» ҳаракати аёлларнинг мамлакат олий ўқув юртларига киришини тақиқлаган эди. Бу ҳақда Толибон ҳукумати таълим вазирлигининг мактубида айтилган.

Мактубда айтилишича, Афғонистон давлат ва хусусий университетлари ҳукумат қарорига кўра, зудлик билан хотин-қизларнинг ўз ўқув юртларига ташриф буюришларини расмийлар томонидан кейинги кўрсатмалар берилишига қадар тақиқлаши керак.

Афғонистон расмийларининг қарори аллақачон халқаро ташкилотлар ва айрим давлатлар томонидан қораланган. Хусусан, АҚШнинг БМТдаги элчиси ўринбосари Роберт Вуд “Толибон Афғонистондаги барча фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишни бошламагунича халқаро ҳамжамиятнинг қонуний аъзоси бўлишини кута олмайди” деган,  Буюк Британиянинг БМТдаги элчиси Барбара Вудворд эса Афғонистон ҳукуматининг талабини «аёллар ҳуқуқларининг ўтакетган даражада камситилиши” деган.

Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилоти Афғонистоннинг донор давлатлари ва халқаро ҳамжамиятга  Толибондан аёлларнинг таълим олишига қўйилган барча тақиқларнинг бекор қилинишига эришиш талаби билан мурожаат қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.