Ўзбекистон ТИВ яна Афғонистондаги вазиятга муносабат билдирди
27 июнь куни 44 кишидан иборат Афғонистон чегара қўшинлари ва маҳаллий қуролли гуруҳ вакиллари Шўртепа тумани ҳудудида Ўзбекистоннинг давлат чегарасини бузган, дея хабар беради Ўзбекистон ТИВ.
«Бир кун аввал, яъни 26 июнь куни чегаранинг ушбу қисмида қўшни мамлакат куч ишлатар тизимлари 3 нафар вакилининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиш ҳолати қайд этилган. Барча Афғонистон фуқаролари ўз ватанига қайтарилган. Ўзбекистон ҳудудига бу каби ноқонуний ўтишга уринишлар қатъий равишда бартараф этилади».
Ўзбекистон ТИВ курашаётган томонларни тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишининг олдини олишга ва куч ишлатишдан тийилишга чақиради. “Ўзбекистон яна бир бор Афғонистонда кескинлик кучайиб бораётганидан хавотирда эканлигини билдиради”, – дейилади баёнотда.
Бу бир ой ичида юз берган иккинчи воқеа. 23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинларининг ҳарбий хизматчиси ва маҳаллий қуролли гуруҳ жангчилари қурол билан Шўртепа туманидан Ўзбекистон ҳудудига ўтганди.
Шарҳлар