Ўзбекистон ТИВ Лондондаги Озарбайжон элчихонасига ҳужумни қоралади

Источник: Anadolu Agency

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 2022 йил 4 август куни Озарбайжон Республикасининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги Элчихонасига ғаразли мақсадда уюштирилган ҳужумни қатъий қоралади. Бу ҳақда вазирлик баёнотида сўз боради.

«Дипломатик ваколатхоналар ходимларининг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид соладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни мутлақо қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Ҳодисани ҳар томонлама текшириш ва барча алоқадорларни жавобгарликка тортишга чақирамиз. Ўзбекистон томони қардош Озарбайжонни хориждаги фуқароларининг хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлашда қўллаб-қувватлашини билдиради».

Озарбайжон ТИВ маълумотларига кўра, ҳужум радикал диний гуруҳ томонидан амалга оширилган. Гуруҳ аъзолари элчихона биносига кириб, бузғунчиликка йўл қўйиб, Озарбайжон байроғини узиб ташлаб, бинога араб тилидаги ёзувларни ёзишган. Бинонинг балконида туриб, диний байроқларни силкитиб, радикал диний шиорларни қичқирган.

Британия ОАВ ҳужум қилганлар Mahdi Servants Union шиа мусулмонлари ташкилотининг аъзолари эканини ёзмоқда. Лондон полицияси саккиз кишини ҳибсга олган.

Элчихона ходимлари жабрланмаган. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Британия расмийлари эътиборини дипломатик ваколатхоналар ва дипломатлар ҳимоясини таъминлаш бўйича халқаро ҳуқуқ талабларига риоя қилиш зарурлигига қаратди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.