Ўзбекистон ТИВ: Ўзбекистонликларни жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган Харьков Суми ва Херсон шаҳарларидан эвакуация қилишда қийинчиликлар юзага келди
Фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган Украинанинг айрим аҳоли пунктларидан, хусусан, Харьков, Суми ва Херсон шаҳарларидан Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилишда қийинчиликлар юзага келган. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабар беради.
«Фуқароларни юқоридаги шаҳарлардан олиб чиқиш ҳарбий ҳаракатлар тўлиқ тугаганидан кейин ташкил этилади. Ушбу давргача ҳимояланган бункерларда қолиш тавсия этилади», – дейилади хабарда.
Ўзбекистон фуқаролари жойлашган бошқа шаҳарларда уларнинг Львовга поездда жўнаб кетишини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Киевдан уларни олиб кетиш учун ўзбекистонлик кўнгиллилар ва элчихона автомашиналаридан фойдаланилмоқда
Шунингдек ТИВ матбуот котибининг қайд этишича, айни пайтда Киевдан Ўзбекистон элчихонасини эвакуация қилиш масаласи кўриб чиқилмаяпти.
«Юзага келган мураккаб вазиятдан келиб чиққан ҳолда, асосий устувор вазифамиз – барча Ўзбекистон фуқароларининг хавфсиз эвакуация қилинишини таъминлашдир. Элчихонанинг кўчиши бу жараённинг самарадорлигини жиддий пасайтиради».
Шарҳлар