Ўзбекистон “углеродли молиялаштириш” кўринишида 7,5 млн доллар маблағ олди
Ўзбекистон энергетика соҳасида ҳавога зарарли моддалар ташланишларини камайтириш бўйича ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида Жаҳон банкидан самарадорликка қараб тўлов олган дунёдаги биринчи давлат бўлди. Бу Жаҳон банкининг мамлакатга энергия самарадорлигини ошириш, энергия субсидияларини қисқартириш ва тоза энергия манбаларига ўтишга кўмаклашувчи биринчи шу турдаги лойиҳаси бўлган “Ўзбекистоннинг энергетика секторини ўзгартириш учун инновацион углеродли молиялаштириш” (iCRAFT) лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Хусусан, iCRAFT лойиҳаси доирасида 500 минг тонна карбонат ангидрид гази чиқиндиларини муваффақиятли қисқартириш натижасида Жаҳон банкининг углеродли активлари ўзгартириш жамғармаси (TCAF) Ўзбекистонга 7,5 миллион доллар миқдорида грант ажратди. Ушбу натижалар учинчи тараф томонидан мустақил равишда тасдиқланган.
Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли мамлакатни ушбу муҳим ютуғи билан табриклади: “Мазкур ташаббус дунёда биринчи бўлиб энергетика соҳасида ҳукумат ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш учун иқлимий молиялаштиришдан фойдаланилади. iCRAFT лойиҳаси Ўзбекистонга халқаро углерод бозорларида иссиқхона газлари чиқиндилари савдоси бўйича индивидуал операциялардан ушбу соҳада дастурий (тизимли) ёндашувга ўтишда ёрдам беришга қаратилган. Умид қиламизки, ушбу пилот лойиҳа миллий иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ҳам ислоҳотлар ўтказиш учун намуна бўлиши, шунингдек, дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам шундай амалиётни жорий этишда намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин”.
Ўзбекистон ҳукумати iCRAFT лойиҳаси орқали олинган маблағларнинг бир қисмини электр ва газ тарифларининг сўнгги ўзгаришлари туфайли фаровонлиги ёмонлашган оилаларга молиявий ёрдам кўрсатиш учун ишлатиш мажбуриятини олди. Бундан ташқари, лойиҳа маблағлари Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтиш ва энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича давлат дастурини амалга оширишга ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иқлимни молиялаштириш бўйича келишув муҳимлигини таъкидлади: “Ўзбекистон iCRAFT лойиҳаси доирасида олган биринчи тўлов энергия субсидияларини қисқартириш ва энергия харажатларини қоплаш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу, шунингдек, ҳукуматнинг иқтисодий ўсиш ва қашшоқликни камайтиришга ёрдам берадиган яшил иқтисодиётни ривожлантириш бўйича кенгроқ саъй-ҳаракатларига ҳисса қўшади”.
Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда энергетика соҳасини ислоҳ қилиш, энергияни тежаш ва атмосферага ташланадиган карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтиришга кўмаклашиш учун масъул ҳисобланади.
“ iCRAFT инновацион лойиҳаси доирасида “углеродли молиялаштириш” (СО2 га эквивалент тонналарда ўлчанадиган иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш) деб аталадиган маблағни олиш орқали Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан тоза энергияга ўтиш жараёнини тезлаштиради. Лойиҳа, шунингдек, халқаро углерод бозорларидаги транзакцияларда фаол иштирок этувчи мамлакатнинг минтақавий етакчи ролини мустаҳкамлашга ёрдам беради”, — дейди Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов.
iCRAFT лойиҳаси Ўзбекистон ҳукуматига тегишли инфратузилма, тизимлар, механизмлар ва ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳам ёрдам беради, бу эса мамлакатни бошқа халқаро ҳамкорлар ва хусусий инвесторлар кўмагида келажакда халқаро углерод бозорларида транзакцияларни амалга ошириш учун шунга ўхшаш ташаббусларни амалга оширишга тайёрлайди.
iCRAFT лойиҳаси мамлакатнинг Париж келишувининг 6-моддаси бўйича мажбуриятлари бажарилишини мониторинг қилиш, ҳисобот бериш ва текшириш механизмини ишлаб чиқишга ёрдам беради. Юқорида тилга олинган халқаро шартноманинг мақсади дунёда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш орқали глобал ҳароратнинг ошишини чеклашдан иборат.
iCRAFT лойиҳаси, шунингдек, Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига глобал жавоб бериш бўйича Париж келишуви доирасида миллий даражада ҳисса (NDC) қўшиш мақсадларига эришиш учун иқлим ўзгаришига жавоб реакциясини кўрсатиш жараёнларида фаол иштирок этишига ёрдам беради.
Лойиҳани амалга оширишда Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги, Энергетика вазирлигидан ташқари Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги (Ўзгидромет) ҳам иштирок этмоқда.
Юқоридаги тўлов Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки ўртасида iCRAFT лойиҳаси шафелигида тузилган Эмиссияларни қисқартириш бўйича тўлов тўғрисидаги Битим доирасида кутилаётган бир қанча траншларнинг биринчисидир. Келишувга кўра, мамлакат энергетика секторини ислоҳ қилиш натижасида мустақил тасдиқланган эмиссияларни камайтириш учун 20 миллион долларгача грант маблағлари ёки “углеродли молиялаштириш” олиши мумкин бўлади.
iCRAFT лойиҳасини амалга ошириш давомида Ўзбекистон 60 миллион тонна карбонат ангидрид гази чиқиндиларини камайтиришни режалаштирмоқда. Шундан 2,5 миллион тоннага яқин карбонат ангидрид гази лойиҳа доирасида мамлакатдан харид қилинади. Ўзбекистон iCRAFT лойиҳасини амалга ошириш жараёнида яратилган ва синовдан ўтказилган тизим ва механизмлар ёрдамида қолган углерод бирликларини халқаро углерод бозорларида сотиши мумкин бўлади.
Шарҳлар