Ўзбекистон ва БАА ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш тўғрисида меморандум имзолади

Главы МВД Узбекистана и ОАЭ
Фото: МВД

Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги делегация Абу-Даби шаҳрида БАА Бош вазири ўринбосари — Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди.

Ташриф доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмашиш тўғрисида”ги Англашув меморандуми икки давлат ички ишлар вазирлари томонидан имзоланди. Мазкур Англашув меморандумининг кучга кириши билан ҳар икки давлат фуқаролари ўзларининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари билан иккинчи томон давлатининг ҳудудига ташриф буюрган даврда (узоқ муддатга яшаш учун келганлар бундан мустасно) транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўладилар.

Шунингдек, БАА резиденти бўлган (узоқ муддат яшаш ҳуқуқини олганлар) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга Ўзбекистон фуқаролари эса Амирликлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш вақтида тегишли назарий ва амалий синовларни топширишдан озод қилиниши кўзда тутилган. Ҳужжат 2024 йилнинг 27 январь кунидан кучга кириши белгиланган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.