Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркорларининг бизнес-форумида 92,2 млн долларлик шартномалар имзоланди

Фото: Сенат

6 сентябрь куни  Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг расмий ташрифи доирасида Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь бизнес доиралари ва тадбиркор аёлларининг биринчи бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Форум доирасида ташкил этилган “Тадбиркорликдаги аёллар – Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш салоҳияти” мавзусидаги ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ва Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши раиси кириш сўзи билан очиб берди.

Шунингдек, ялпи мажлисда тиббиёт соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фармацевтика саноатини ривожлантириш, тиббий кластерлар яратиш, озиқ-овқат саноати, автомобилсозлик учун кимё маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, туризм  йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикрлар билдирилди.

Форум сўнггида якуний ҳужжат (декларация) қабул қилинди. Унда савдо-иқтисодий, инвестиция, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, таълим, гуманитар, туризм ва ўзаро манфаатли бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари акс этди. Икки мамлакат тадбиркор аёллари ўртасида “B2B” форматида ўтказилган учрашувлар натижасида 92 млн доллар миқдорида 42 та шартнома ва 17 та меморандумлар имзоланди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.