Ўзбекистон ва Европа Кенгаши раҳбарлари Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни муҳокама қилишди

Фото: president.uz

Ўзбекистон президенти Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида 18 сентябрь куни ўзига ажратилган қароргоҳда Европа кенгаши президенти Шарль Мишелни қабул қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарига кўра, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Учрашув чоғида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда қабул қилиш, ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кооперацияни, шу жумладан узоқ муддатли икки томонлама ҳужжатларни қабул қилиш орқали чуқурлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Учрашувда Шарль Мишель икки томонлама муносабатларда бугун ғоят юксак даражага эришилгани алоҳида мамнуният билан қайд этди. Еврокенгаш раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи, “ЕИ – Марказий Осиё” форматидаги саммитлар, Ўзаро боғлиқлик бўйича халқаро конференция ва иқтисодий форумлар муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди.

Шунингдек, музокаралар давомида самарали халқаро транспорт йўлакларини, хусусан, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистонда юзага келаётган вазият, шу жумладан афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.