Ўзбекистон ва Қирғизистон Андижон сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги келишувни имзолади
Шу йилнинг 3 ноябрь куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди. Томонлар Андижон сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар беради.
Ўзбекистон делегациясининг Бишкекга ташрифи доирасида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
– Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартнома;
– Марказий Осиё халқаро институти ва Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик академия ўртасида ҳамкорлик Шартномаси;
– «Ўзархив» агентлиги ва Қирғиз Республикаси Рақамли ривожланиш вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик Меморандуми.
– Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қирғиз Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув ресурслари хизмати ўртасида сув хўжалиги масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида Битим.
Шунингдек, ташқи ишлар вазирларининг Қўшма баёноти ҳамда 2023-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ташқи сиёсат идоралари ўртасида ҳамкорлик дастури қабул қилинди.
Аввалроқ Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитаси (сув омбори Қирғизистонда шундай номланади) Ўзбекистон президентидан келишув имзоланишини кейинга суришни сўраган эди. Қўмита аъзоларининг сўзларига кўра, улар Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида чегарани делимитация қилиш бўйича мунозарали масалалар борлигини, улар узоқ вақтдан бери кун тартибида бўлганини ва тезкор қарорни кутаётганини тушунишади. Бироқ, уларга кўра, келишувнинг айрим ҳужжатлари конституциявий нормаларни қўпол равишда бузиш билан илгари сурилмоқда.
Шарҳлар