Ўзбекистон ва Корея IT соҳасидаги шерикликларини кенгайтирмоқда
Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Жанубий Кореяда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Инчон шаҳрида «Miso Information Technology» компанияси вице-президенти Нам Сангдо ва ижрочи директори Минг Кенгил билан учрашди.
Мулоқот давомида компания вакилларига бугунги кунда мамлакатда IT корхоналар учун тақдим этилаётган солиқ имтиёзлари, қулай инфраструктура, корейс тилида мукаммал сўзлашувчи IT мутахассислари ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, IT Park томонидан айнан бу борада хорижий компаниялар учун енгиллик яратиш мақсадида «One Stop Shop» – компаниясини очиш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ёрдам хизмати тақдим этилиши таъкидланди.
«Компаниялар «Zero Risk» дастурига қатнашиш орқали қўшимча қулайликларга эга бўлиши ҳақида маълумот тақдим этилиб, ҳудудлардаги малакали кадрларнинг салоҳияти тўғрисида ахборот берилди», – дейилади хабарда.
Учрашув сўнгида вазир Шерзод Шерматов «Miso Information Technology» вакилларини 24 июль куни Тошкент шаҳрида бўладиган «GBS Forum» ва 18-19 сентябрь кунлари ўтказиладиган «ICT Week» халқаро тадбирига таклиф қилди.
«Miso Information Technology» компанияси 2006 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда компанияда 160 киши иш билан банд. Унинг асосий иш фаолияти катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш (Биг дата стораге), сунъий интеллект бўйича тиббиёт соҳаси бўйича ечимлар, «метаверс» дастурларни ишлаб чиқиш ва таъминотидан иборат.
Шарҳлар