Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида давлатлараро Олий Кенгаш ташкил этилди
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беряпти.
Бундан ташқари, ташриф доирасида давлатлар, ҳукуматлар ва идоралар даражасида 15 та ҳужжат қабул қилинди.
«2023-2024 йилларда ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича “йўл харитаси”, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида, ёшларга оид сиёсат ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, Медиа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” шулар жумласидан», – дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Фуқароларнинг визасиз қатновлари тўғрисидаги битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, “Е-permit” рухсатнома бланкларини электрон алмашиш ахборот тизимини жорий қилиш, оила ва болаларни муҳофаза қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги борасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди ҳамда Хавфсизлик кенгашлари котибиятлари ўртасидаги, киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнинг бир қатор истиқболли йўналишларида амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Шарҳлар