Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари товар айланмасини ошириш бўйича топшириқ берди

Фото: president.uz

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Хивада учрашув ўтказди. Томонлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳар томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Давлат раҳбарлари машинасозлик, энергетика, транспорт ва логистика, кончилик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш юзасидан Бош вазирлар ўринбосарлари, Ҳукуматлараро комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳлар ҳамраисларининг ҳисоботларини тинглади.

Президентлар товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат кооперацияси бўйича узоқ муддатли дастурни шакллантириш ҳамда транспорт ва энергетикада инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ топшириқ берди.

Жорий йилда Саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш бўйича амалий ишларни бошлаш, қўшма ташқи савдо компанияси фаолиятини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

“Минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди. Икки ва кўп томонлама шаклдаги бўлажак қўшма тадбирлар режаси кўриб чиқилди”, – дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.