Ўзбекистон ва Қозоғистон Судялар олий кенгаши ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди
Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ва Қозоғистон Республикаси Судялар олий кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
Ушбу ҳужжатда дўстона муносабат ва ҳамкорликни янада чуқурлаштириш кўзда тутилган. Жумладан, судялар мустақиллиги ва дахлсизлигини такомиллаштириш, судя кадрларни тайёрлаш бўйича умумий фаолиятга доир ўқув дастурларни амалга ошириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, тажрибалар ҳамда ахборот алмашиш, семинар ва форумлар ташкил қилиш ва бошқа қатор масалалар қамраб олинган.
Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгашида Қозоғистон Республикаси Судялар олий кенгаши делегацияси билан учрашувда икки қардош давлат ўртасидаги алоқаларнинг жадал ривожи барча жабҳаларда ўз аксини топаётгани қайд этилди.
Меҳмонларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, профессионал судялар корпусини шакллантириш, судялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, уларни танлаш ва лавозимга тайинлаш бўйича жорий этилган очиқ ва шаффоф тизим, уларнинг ҳуқуқий асослари ва амалий натижалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Дўстона ва конструктив ўтган учрашувда меҳмонлар яқиндагина Қозоғистон Одил судлов академияси ушбу мамлакатнинг Олий суди таркибидан Судялар олий кенгаши юрисдикциясига ўтказилганини маълум қилиб, Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар олий мактаби фаолияти, хусусан, судялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш борасидаги тажрибалари билан яқиндан танишишга катта қизиқиш билдирди.
Шарҳлар