Ўзбекистон ва Россия қатор келишувларни имзолади

Фото: Википедия

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев, Россия Федерацияси ҳукумати раҳбарининг ўринбосари — саноат ва савдо вазири Денис Мантуров, шунингдек, Татаристон раиси Рустам Минниханов Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг III форумида иштирок этишди. Бу ҳақда Россия саноат ва савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Форум давомида бир қатор тижорат шартномалари, жумладан, Ўзбекистон рақамли технологиялар вазирлиги ва Россиянинг Wildberries маркетплейси ўртасида онлайн савдо бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва маркетплейс ўртасида мультимодал логистика марказини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум, шунингдекТошкент метрополитени учун Россиядан метро вагонларини етказиб бериш бўйича келишув имзоланди.

Форум доирасида, шунингдек Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Россиянинг «УК «Группа ГМС» компанияси ўртасида сув таъминоти ва сув қочириш соҳасида техник ва технологик тажриба алмашиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Шунингдек, Тошкент метрополитени ва «ТМХ Интернэшнл» компанияси ўртасида Россиядан метро вагонларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди.

Бундан ташқари, форум доирасида ахборот технологиялари соҳасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш, мустақил экотизим яратиш, халқаро тажриба алмашиш, халқаро бозорлар билан қўшма интеграциялашувни йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари Технологик парки дирекцияси” ва Россиянинг юқори технологиялар соҳасидаги “ИТ-Парк” технопарки ўртасида меморандум имзоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Россиянинг Ozon  маркетплейси ўртасида электрон тижоратни ривожлантириш ва трансчегаравий савдо механизмларини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми, шунингдек Ўзбекистон-Россия ва Россия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашлари ўртасида ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича комплекс ҳаракатлар дастури ҳам имзоланди.

Ўзбекистон ва Россия минтақалари форуми учинчи бор ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Россиянинг 20 та ҳудудидан 3000 нафар иштирокчи қатнашди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.