Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Давлатманд Холов 74 ёшида вафот этди
18 февралга ўтар кечаси, узоқ давом этган касалликдан сўнг таниқли хонанда ва бастакор, Тожикистон халқ артисти Давлатманд Холов 74 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда «Ховар» давлат ахборот агентлиги хабар беради.
“Азия-Плюс” нашрининг ёзишича, маданият арбоби саратон касаллигидан даволанаётган “Шифобахш” миллий тиббиёт марказида вафот этган. Маълумки, Тожикистон фуқароси бир муддат Москвада бўлган – Россия пойтахтида шифокорлар кўригидан ўтган. Уйга қайтгач, Холов тўртинчи босқичда ўт пуфаги саратони ташхиси билан клиникага ётқизилган.
Санъаткор билан видолашув маросими Душанбе марказий масжидида бўлиб ўтади, устоз пойтахтнинг “Лучоб” қабристонига дафн этилади.
Давлатманд Холов 1950 йил 26 октябрда Хатлон вилоятида туғилган. 1971 йили Мирзо Турсунзода номидаги санъат институтига ўқишга кириб, уни аъло баҳоларга тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Кўлоб шаҳридаги С. Вализода номидаги театрда бошлаган. 2004 йилда Тожикистон Телевидениеси ва радиоси қўмитаси қошида «Фалак» давлат ансамбли ташкил этилганидан буён мазкур гуруҳда бадиий раҳбар бўлиб ишлаган.
Холов ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган анъанавий “фалак” халқ мусиқаси жанридаги энг машҳур ижрочилардан биридир. Тожикистон халқ артисти унвонидан ташқари Ўзбекистон халқ артисти унвонига ҳам эга. Рудакий номидаги Давлат мукофотининг лауреати, 1-даражали «Шараф» ордени, Франциянинг хонандалик ва мусиқа соҳасидаги олий «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Шарҳлар