Ўзбекистон ва тожикистонлик ишчилар Запорожьеда окоп қурилиши учун иш ҳақи тўланмаганидан шикоят қилмоқда
Тожикистон ва ўзбекистонлик ишчилар Украинанинг Запорожье вилоятида окоп қурилиши учун пул тўлашмагани ҳақида полицияга шикоят қилган. Битта окоп учун иш берувчилар 800 минг рубль тўлашни ваъда қилишган. Шикоятчилардан бирига ҳозир ўлим билан таҳдид қилишмоқда, деб ёзади Baza.
“Тожикистонлик Аминжонга тахминан бир ой олдин хавфли, лекин яхши маош оладиган ишга таклиф қилинган. Бекор ўтирган йигит рози бўлган ва уни автобусда Запорожье вилоятига жўнатишган. Эркакнинг сўзларига кўра, у билан бирга 32 киши бўлган – барчаси Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари. Қурувчилар майдонга олиб келиниб, ташландиқ уйларга жойлашишган ва ишга киришишган. Окоплар трактор билан қазилган, кейин қурувчилар уларни ёғочлар билан мустаҳкамлаган”, — дея қайд этади нашр.
Эркак бир ойга яқин ишлаган ва шу вақт ичида у иккита окопни қазиган.
“Иш ҳақини тўлаш вақти келганида, уни ишга олган Сергей унга бор-йўғи 595 минг рубль берган. Аминжон дастлабки шартларни бажариши учун Сергейга бир неча бор қўнғироқ қилган, лекин иш берувчи рози бўлмаган. Ҳатто шу ҳолатда ҳам Тожикистон фуқароси баъзи ҳамкасбларига қараганда омадлироқ бўлиб чиқди: унинг сўзларига кўра, қолган қурувчиларнинг бир қисми ҳали Москвага қайтиб кела олмайди. Кимдир аппендицит билан касалланган, яна бир ишчи қўл панжасидан айрилган, аммо уларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаган».
Москвага қайтганидан кейин Аминжон уни алдаган “Сергей Евгеньевич”га қарши ариза ёзишга боради. “База” нашрининг маълумотига кўра, Тожикистондан яна уч нафар ишчи худди шундай ариза билан полицияга мурожаат қилган. Шикоятдан сўнг Аминжонга номаълум рақамлардан таҳдидли қўнғироқлар бўлган. Номаълум шахслар ундан аризани қайтариб олишини ёки “келиб унинг адабини бериб қўйишини” айтишган. Аминжон Сергей Евгеньевичнинг маълумотларини эслолмайди – у бирор-бир ҳужжат ёки шартномани имзоламаган. Ишчи ҳозир қўрқиб, уйидан чиқмаяпти.
Шарҳлар