Ўзбекистон ва Туркманистон тез орада товар айланмасини 1 млрд долларгача етказмоқчи
Ўзбекистон ва Туркманистон тез орада товар айланмасининг ҳажмини 1 млрд долларгача оширишни келишиб олди. Бу ҳақда икки мамлакат президентларининг қўшма баёнотида сўз боради.
Расмий статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистонда Туркманистон иштирокида 157та қўшма корхона фаолият юритмоқда. Улар орсида 65та қўшма корхона, 92та – 100% туркманистон капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар. Туркманистонда эса Ўзбекистон иштирокида 4та иқтисодий субъект ҳамда 11та инвестицион лойиҳа фаолият юритмоқда. Уларнинг умумий қиймати 12 млн долларни ташкил қилади.
Туркманистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Тошкентда биринчи ўзбек-туркман иқтисодий форуми ўтказилди. Унда Туркманистонда автомобиллар, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Ўзбекистонда газ-кимё соҳасида қўшма лойиҳалар амалга ошириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, тўқимачилик, терини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Ундан ташқари Туркманистоннинг транспорт-логистика имкониятларидан кенг фойдаланиш мумкинлиги, хусусан, ўзбекистонлик тадбиркорлар Жанубий Кавказ, Эрон ва Европага чиқиш учун “Туркманбоши” денгиз портидан фойдаланиши мумкинлиги қайд этилди.
Биринчи ўзбек-туркман иқтисодий форуми доирасида иккала томон мутахассислари иштирокида бир неча узоқ муддатли йирик шартномалар тайёрланди. Улар орасида инвестицион лойиҳалар, маҳсулот етказиб бериш шартномалари, турли хил озиқ-овқат ва қуруқ-мевалар етказиб бериш, биргаликда автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш каби жами 45 та шартномани имзолаш кутилмоқда.
Икки давлат раҳбарлари манфаатдор вазирликлар ва идораларга 2022 йилда ўзаро асосда Ўзбекистон ва Туркманистон маданияти ва киноси кунларини ташкил қилишни топширди.
Шарҳлар