Ўзбекистон жамоатчилиги республикалар СССРдан “ноқонуний” чиққани ҳақидаги РФ депутатининг сўзларига муносабат билдирди
Россия Федерацияси Давлат Думасининг депутати Евгений Фёдоров Совет Иттифоқини тарк этган барча республикалар буни ноқонуний равишда амалга оширган ва Россия улар билан урушга киришишига тўғри келишини айтган.
Депутат ўз нуқтаи назарини қуйидагича изоҳлаган: “Муҳим манфаатларга, бизнинг ҳолатда ҳудудий ва бошқа манфаатларга дахлдор ҳар қандай қонунбузарлик, албатта, низога олиб келади. Геосиёсат соҳасида бу можаро «уруш» деб аталади. Шундай қилиб, биз Совет Иттифоқининг барча республикалари билан муносабатларни қонун асосида тикламасак, яъни халқаро муносабатларни ҳисобга олган ҳолда уларнинг ҳозирги ҳолати тўғрисида халқаро ҳуқуқ ва Совет Иттифоқи қонунларини, масалан, улар 1991 йилда бузган 14/09-сонли қонунни инобатга олган ҳолда музокаралар олиб бормасак, улар билан эртами-кечми тўқнашув ва урушларга дуч келамиз..
Ўзбекистонда аҳоли депутатнинг сўзларига киноя билан муносабатда бўлишди ва унинг гапларини “фантазия” деб аташди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг ўринбосари Одилжон Тожиев Конституция барча қонунлардан устун эканини эслатиб, бу республикаларнинг барчаси СССР таркибидан эркин чиқиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади.
«Бунинг устига, агар Фёдоровнинг мантиғига амал қилсак, 32 йил давомида Россия Федерацияси президентлари Ельцин ва Путин, Россия парламенти ва ҳукумати, Россия давлатининг барча ҳокимият институтлари ушбу республикаларнинг барчаси билан ноқонуний муомала қилган. Яъни, бу икки томонлама муносабатларнинг барчаси (тенг сиёсий-дипломатик, иқтисодий, ҳарбий, маданий ва ҳоказо), кўп томонлама форматлар, битимлар, пактлар (МДҲдан бошланиб, Шанхай шартномаларининг барча турлари билан якунланган) ноқонуний бўлиб чиқади”, — дейди Одилжон Тожиев. .
Яна бир депутат, «Юксалиш» миллий ҳаракатининг раиси Бобур Бекмуродов Фёдоровни “яна бир хаёлпараст” деб атади. У ўзининг Телеграм-каналидаги постига «Фантазёр» қўшиғини илова қилган.
“Собиқ совет республикаларининг уруш ёки дипломатия йўли билан қайтиши” ҳақидаги баёнотлар соғлом фикрлаш маҳсули эмас. Бугун Россия ташқи кучлар мустамлакасига айланган, деб ҳисоблайдиган ва фитна назарияларини тарғиб қилаётган Дума депутатининг сўзларига жиддий муносабат билдириш шарт эмас, деб ҳисоблаймиз”, — деди у.
Шарҳлар