Ўзбекистонда 1 миллион 200 мингта камбағал оила рўйхати шакиллантирилди

Фото: Фахриддин Ҳайитов - Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари.

АОКАда ўтказилган брифингда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Ҳайитов “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 2023 йилга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича амалга оширган ишлар ҳақида маълумот берди.

Давлат Раҳбарининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ҳам бир қатор вазифалар белгиланган.

«Фармон ва Қарорда Вазирлик тизимига 37 та бандда, шундан асосий ижрочи сифатида 26 та, ҳамижрочи сифатида 11 та бандда устувор вазифалар акс этган. 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқишда асосий ижрочи, 4 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқишда тегишли идоралар билан биргаликда ҳамижрочи сифатида иштирок этади. Шунингдек, вазирлик томонидан 16 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, 21 та амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилади», – дейилади хабарда.

Жорий йил якунига қадар Вазирлик асосий ижрочи бўлган 11 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, 14 та амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича вазирлик ва идоралар билан тизимли ҳамкорлик ўрнатилиб, бир қатор ижобий натижаларга эришилди.

Биринчи навбатда, сентябрь ойида Вазирлик асосий ижрочи бўлган 2 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 3 та амалий чора-тадбирлар топшириқ ижроси бажарилди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларнинг таълим олиши, касбий кўникмалар эгаллаши ва муносиб иш топишига кўмаклашиш ҳамда тадбиркорлигини ривожлантириш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритилди.

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида меҳнат муносабатларини тартибга солишни назарда тутадиган 121, 132- ва 95-сонли конвенцияларини ратификация қилиш масалалари ўрганилди.

Ўрганиш натижасида “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари туфайли таъминот тўғрисида”ги 121-сон Конвенцияни ратификация қилиш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилди.

Шунингдек, “Ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисида”ги 132-сон ҳамда “Иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 95-сон Конвенцияларни ратификация қилиш ҳақидаги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

“Соғлом оила-соғлом жамият!” шиори остида оилаларни мустаҳкамлаш, нотинч оилалардаги муҳитни соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш борасида маънавий-маърифий, маданий, тарғибот тадбирларининг намунавий тартиби ҳамда режа-жадваллари тасдиқланиб, ижро учун ҳудудларга юборилди.

Халқаро меҳнат ташкилотининг «Ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисида»ги Конвенциясини ва хорижий тажрибани чуқур таҳлил қилган ҳолда ундаги халқаро стандартлар ва нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш масаласи ўрганилди.

Ўрганиш натижасида, Конвенцияни ратификация қилиш бўйича Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди…

«1 млн. 200 минг камбағал оилалар рўйхати шакллантирилиб, “Онлайн маҳалла” электрон платформасига киритилди. Ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлар ишлаб чиқилиб, “Онлайн маҳалла” платформасига жойлаштирилди«, – дейилади Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Ҳайитов маълумотларида.

Бундан ташқари, оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича регламент тасдиқланди.

Йил якунига қадар республикамизда 127 минг 500 та оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражасини 12 фоизга тушириш чоралари кўрилмоқда.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича ишлар жадал давом этаётганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.