Ўзбекистонда 2024 йил учун давлат бюджетининг лойиҳаси тақдим этилди

Фото: freepik.com

2024 йил учун Давлат бюджети даромадлари 270,3 триллион сўм, харажатлар (бюджетлараро трансфертлардан ташқари) 279,6 триллион сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот хизмати хабар беради.

Бюджет тақчиллигининг юқори чегараси 52,5 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизи миқдорида белгиланди.

Ҳар йили ташқи қарзни жалб қилиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чекланган ҳажми 5 миллиард доллар қилиб белгиланди, шундан 2,5 миллиард доллари бюджетни қўллаб-қувватлашга, 2,5 миллиард доллари эса инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Бюджет кодексининг 29-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унда қуйидагилар белгиланган:

  • Ўзбекистоннинг 2024 йил учун консолидацияланган бюджети, шу жумладан давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари ва харажатлари прогнози ҳамда уларни тайёрлаш учун асос бўлиб хизмат қилган 2025-2026 йилларга мўлжалланган мақсадлар, шунингдек, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозлари;
  • 2024 йилда республика буджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини ажратувчилар учун ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари;
  • республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ажратиладиган норматив трансфертлар;

Чекланган миқдорда давлат қарзи республика номидан ва Ўзбекистон кафолати остида олиниши белгиланди.

2024 йилга мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳаси ва 2025-2026 йилларга мўлжалланган бюджетнинг мақсадли кўрсаткичлари асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.

Хусусан, 2024 йилда ялпи ички маҳсулот 5,6-5,8 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Ялпи ички маҳсулотнинг кутилаётган ўсиш суръати саноатда ишлаб чиқаришни 6 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳасида 6,1 фоизга, қишлоқ хўжалигида 4 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланиши прогноз қилинмоқда. Ушбу ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир йўналишда бошланган таркибий ўзгаришларни сифатли давом эттириш орқали эришилиши кутилмоқда, дея таъкидлади Иқтисодиёт вазирлиги.

Давлат бюджетининг ўрта муддатли прогноз параметрлари ва 2024 йилга мўлжалланган бюджет лойиҳаси “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга мувофиқ, яъни уларни амалга ошириш вазифасидан келиб чиқиб ишлаб чиқилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.