Ўзбекистонда 50 та энг кенг тарқалган дори-дармонни ишлаб чиқариш ташкил этилади
Шавкат Мирзиёев мамлакат ҳудудида фармацевтика ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш фоизини оширишни топширди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
28 ноябрь куни президент фармацевтика ва электротехника саноатида ишлаб чиқаришни янада қўллаб-қувватлаш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
«Сўнгги йилларда бу соҳага катта кўмак ва маблағ берилди, фармацевтика зоналари ташкил этилди. Лекин бундан тўла фойдаланилмаяпти. Маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, тадбиркорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳсулотлари харидоргирлигини таъминлаш керак», — деди Мирзиёев.
Бу борада хориж тажрибасини ўрганиш, машҳур брендларни мамлакатимизга жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Жумладан, энг кўп истеъмол қилинадиган 50 турдаги дорини юртимизда ишлаб чиқариш орқали маҳаллийлаштириш улушини 35 фоизга етказиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
“Tashkent Pharma Park” кластери қурилишини жадаллаштириш, унга хусусий шерикни жалб этиш зарурлиги айтилди. Шунингдек, фармацевтика корхоналарига “GMP” халқаро стандартига ўтиш ва маркировкалаш тизимини йўлга қўйишда кўмаклашилади.
Умуман, бу соҳада 1,5 миллиард долларлик 173 та лойиҳа шакллантирилган. Уларни молиялаштириш учун 600 миллион доллар йўналтирилади. Мутасаддилар буларнинг натижасида 2024 йилда 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, 160 миллион доллар экспорт таъминланиши бўйича ахборот берди.
Шарҳлар