Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари мурожаат қилиши учун «ишонч телефони» ишга туширилади
Ўзбекистон ҳукумати 14 октябрда аҳолига давлат ижтимоий ёрдами ва хизматлар кўрсатиш тўғрисида қарорни тасдиқлади, бу ҳақда “Газета.uz” Адлия вазирлигига таяниб хабар беради.
Ҳужжатга кўра, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз одамлар, шунингдек ёлғиз қариялар ва имконияти чекланган шахслар йилда камида бир марта “Инсон” ижтимоий хизмат марказлари томонидан тасдиқланган жадвал бўйича чуқур тиббий кўрикдан ўтказилади.
Ижтимоий ходимлар кам таъминланган оилалардаги болаларга нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш ваколатига эга бўлди.
2024 йил 1 январгача ижтимоий заиф аҳоли қатламлари мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш учун “ишонч телефони” рақами ишга туширилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб I гуруҳ ногиронлиги бўлган ёки 18 ёшгача ногирон болага ва тиббий муассаса хулосасига кўра бегона парваришга муҳтож 80 ёшдан катта қарияларга парвариш қилиш зарур бўлган ҳолатлар ижтимоий ходимлар томонидан йилда камида бир марта “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали ўрганилади.
2024 йил 1 июлдан бошлаб моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизмат турларини ҳисобга олишнинг ягона тизими ишга туширилади. Ҳар бир фуқарога (оилага) ижтимоий тўловлар, имтиёзлари, субсидиялар, хизматлар ва кўмаклар “Ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида ҳар бир фуқаро кесимида рўйхатга олинади.
2024 йил 1 ноябрдан бошлаб туман (шаҳар) “Инсон” ижтимоий хизмат марказларида оғир ҳаётий вазиятга тушган шахсларга психологик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади.
2024 йил 1 декабргача ногирон шахс соғлиғи ҳолатига қараб, унинг учун мумкин бўлган меҳнат шароитлари ва турлари тўғрисидаги маълумотлар тиббий-ижтимоий экспертиза натижаларига интеграция қилинади.
Шарҳлар