Ўзбекистонда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати ривожлантирилади
19 июнь куни Ўзбекистон президенти “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарорга кўра, аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини тубдан такомиллаштириш мақсадида, жумладан:
- ихтисослаштирилган психиатрия ва наркология ёрдамини кўрсатишнинг ягона вертикал бошқарув тизими жорий этилади;
- бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларига руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизматлари интеграция қилинади;
- руҳий ҳолати бузилган шахслар дори воситалари билан эҳтиёжга кўра тўлиқ таъминланади;
- аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмир ёшларнинг руҳий саломатлиги мустаҳкамланади.
2023 йил 1 июлдан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилади.
2023 йил 1 августдан қуйидагилар жорий этилади:
- туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида – тиббий психолог;
- стационар ўринга эга бўлмаган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва таркибида диспансер мавжуд бўлган руҳий касалликлар шифохоналарида – суицидолог;
- стационар ўринга эга бўлган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва руҳий касалликлар шифохоналарида – қабул бўлими шифокори, навбатчи психиатр, тиббий психолог ёки психотерапевт штатлари.
2023/2024 ўқув йилидан “Психиатрия”, “Тиббий психология” ва “Наркология” клиник ординатура ва магистратура мутахассисликларига қабул фақат давлат гранти асосида умумий қабул параметрлари доирасида амалга оширилади.
2023 йил 1 июлдан туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларидаги психиатр ҳамда психиатрия даволаш муассасаларидаги психиатр, тиббий психолог, психотерапевт ҳамда суицидологларнинг лавозим маошига устама миқдори 25 фоиздан 50 фоизга оширилади.
Шарҳлар