Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологиялар ривожланиш босқичида

Фото: Бобур Каримов

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг айрим асосий жиҳатлар ва рақамларга эътибор қаратамиз. Президентнинг ушбу қарори жорий йилнинг 16 февраль куни эълон қилинган.

Унга кўра 2023 йилда 4300 МВт қувватга эга қайта тикланувчи энергия манбаларини ишга тушириш режалаштирилган.

Фото: Бобур Каримов / Anhor.uz

Ўзбекистонда умумий қуввати 4 300 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, Ундан 2 100 МВт – йирик қуёш ва шамол электр станциялари, 1 200 МВт – ижтимоий соҳа объектлари, хўжалик субъектларининг бино ва иншоотлари ҳамда хонадонларда ўрнатиладиган қуёш панеллари, 550 МВт – тадбиркорлар томонидан барпо этиладиган кичик фотоэлектр станциялари ишга туширилади. Бу орқали мамлакат ҳудудларида энергия манбааларига бўлган эҳтиёжнинг маълум бир қисмида эҳтиёж камайтирилишига эришилади.

Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш, истеъмолчиларни муқобил энергияга ўтказиш ва энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш орқали жорий йилда қўшимча 5 млрд. кВт/с электр энергияси ишлаб чиқариш ва 4,8 млрд. м3 табиий газни иқтисод қилиш имконини беради. Бу кўрсатгични йил сайин ошириб бориш ҳам кўзда тутилган.

Қарорга кўра, бу мақсадларга жами 15,4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни йўналтириш, жумладан, 13,4 миллиард АҚШ доллари – давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида инвесторлар маблағлари, 1,1 миллиард АҚШ доллари – тижорат банклари кредитлари, 610 миллион АҚШ доллари – корхоналарнинг ўз маблағлари, 150 миллион АҚШ доллари – хорижий молиявий ташкилотлар маблағлари ва 100 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги Давлат бюджети маблағлари ажратиш белгиланган.

Фото: Бобур Каримов / Anhor.uz

Шунингдек, Президент қарорида давлат хусусий шерикчилиги асосида жорий йилда 27 та йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари ҳамда йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини электр узатиш тармоқларига улаш бўйича лойиҳаларнинг манзилли рўйхати тасдиқланган.

Йил давомида эса 20 мингта ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида кичик қувватли ҚТЭ манбалари қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, 11 минг нафар тадбиркорнинг бино ва иншоотларида қуёш панеллари ўрнатиш ҳамда кичик фотоэлектр станцияларини барпо этиш режаси қўллаб-қувватланиши белгиланган.

Президент қарорига эътибор қаратадиган бўлсак, “Энергетика вазирлигига 2023 йил 1 сентябрга қадар йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар доирасида бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан халқаро ва маҳаллий лойиҳа-қидирув институтлари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузган ҳолда қурилиш майдонларида ўрганишлар ўтказишга рухсат берилиши” белгиланган.

Қарорга кўра жорий йилда махсус «Яшил энергия» компанияси ҳамда “Қуёшли хонадон” дастурлари иш бошлайди

2023 йилнинг 1 майидан эътиборан Ўзбекистон ҳудудларида фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50%ида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий этилди. Ҳужжатда фойдаланишга топшириладиган 765 та кўп қаватли уйларни қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш режаси тасдиқланган бўлиб, улар 2023 йил давомида топширилади. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига вилоят ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда «тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда кўп қаватли уйларда қуёш панелларини ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш компанияларини ташкил қилинишини таъминлаш» бўйича топшириқ берилди.

Фото: Бобур Каримов / Anhor.uz

Қарорга кўра жорий йил 1 мартидан бошлаб ижтимоий соҳа объектлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бино ва иншоотларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш бўйича масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Яшил энергия” компаниясини ташкил этиш кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, ушбу йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистон ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастурини амалга оширишни бошлайди.

Унга кўра, тасдиқланган режага асосан, жорий йил давомида 37 минг аҳоли хонадонларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилган.

Дастурга кўра жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига Давлат бюджетидан 1 000 сўмдан субсидия ажратилади.

Шунингдек, 1 майдан бошлаб янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари ҳамда цемент, ғишт ва оҳак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилиши тақиқланади. Бундан ташқари республикадаги барча ёқилғи (автобензин, суюлтирилган ва сиқилган газ) қуйиш шохобчаларининг маиший-техник эҳтиёжлари ва ҳудудини ёритиш учун электр энергияси таъминотининг камида 50%и ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш панеллари орқали қопланиши талаб этилади.

Бобур Каримов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.