Ўзбекистонда «Антиструмин» №100 препаратини қўллаш вақтинча тақиқланди
22 сентябрь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Антиструмин» №100 (калий йодид) маҳаллий дори воситасидан фойдаланишни зудлик билан тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова имзолаган хатни журналист Илёс Сафаров эълон қилди, деб ёзади “Газета” нашри.
Ҳужжат Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари, дори воситаларини харид қилувчи «Ўзмедимпекс» ва дори ишлаб чиқарувчи Samo компаниясига юборилган.
Фотосурат: t.me/haqiqatdaIlyos.
Тақиқ лаборатория синовлари натижалари олингунча амал қилади.
Қарор Наманган вилоятининг Чуст туманида бир кун аввал 71 нафар бола, жумладан, 9 боғчанинг 69 нафар тарбияланувчиси ва 2 нафар мактаб ўқувчиси заҳарланганидан сўнг қабул қилинди.
Заҳарланишга айнан мазкур препаратни қўллаш сабаб қилиб кўрсатилган. Аввалроқ расмий органлар заҳарланиш келиб чиқиши номаълум эканини маълум қилганди.
Жорий ҳафтадан бошлаб бутун Ўзбекистон бўйлаб болаларни йодлаш бўйича ҳафталик ишга туширилган.
Шарҳлар