Ўзбекистонда Болалар ташкилотини яратиш муҳокама қилинмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни ёшлар сиёсатида амалга оширилган ишлар ва келгуси йилдаги устувор вазифалар бўйича ҳисобот билан танишди. Йиғилишда ёшлар билан ишлаш борасида 2024 йилга мўлжалланган устувор вазифаларга ҳам эътибор қаратилди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
«Болаларнинг кўникмалари, қизиқишлари ва истеъдодини ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон болалар ташкилотини тузиш таклифи билдирилди. Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш борасидаги илмий-тадқиқот ва таҳлилий ишларни такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди», – дейилади хабарда.
Ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идоралар тизимида ёшлар билан ишлаш бўйича янгича ёндашув жорий этилади. Ёшлар етакчиси тавсияси билан бериладиган ёрдам турлари трансформация қилиниб, асосий эътибор уларни замонавий касб-ҳунарга ўргатишга қаратилади.
“Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали хорижий тилларни ўрганаётган ёшлар сони 1 миллион нафарга, “Мутолаа” дастури орқали ёш китобхонлар сони 1,5 миллион нафарга етказиш чоралари кўрилади. Бунинг учун ҳудудларда қўшимча инфратузилма барпо этилиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва истеъдодини рўёбга чиқариш учун янада кенг шароитлар яратилади.
Шарҳлар