Ўзбекистонда болаларни йодлаштириш дастури бошланди

Фото: Yorqin millat

20 сентябрдан Ўзбекистонда «Ёрқин миллат» дастури бўйича йод билан таъминлаш ишлари бошланди, дея ташкилотчилар «Газета.uz»га хабар берди.

Хар чоршанба йод куни сифатида белгиланиб, шу кунда мамлакатнинг барча мактаблари ва болалар боғчаларида профилактик дозада йод таблеткаларини бепул тарқатиш амалга оширилади.

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, мактабгача таълим муассасаларига бормайдиган болалар «Ёрқин миллат» ёд билан таъминлаш дастури доирасида оилавий шифокорлар орқали йод препаратларини бепул олади.

Препарат ва доза Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан танланган.

«Мамлакатимизда йод танқислиги даражаси юқори. Йод танқислиги бўлган болаларда интеллектуал ривожланиш кўрсаткичлари пастроқ, янги билим ва кўникмаларни ўрганиши қийин бўлади. Ҳолбуки, боланинг танасида етарли миқдорда йод бўлиши унга мактабда, фан ва спортда яхши натижаларга эришиш ва янги чўққиларни забт этиш имконини беради», — дея таъкидлади ташкилотчилар..

Хабарда таъкидланишича, йод танқислиги:

  • руҳий ва ақлий қобилиятларнинг бузилиши;
  • интеллект пасайиш;
  • буқоқ ривожланиши;
  • қалқонсимон безнинг ишдан чиқиши;
  • болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишининг секинлашиши;
  • кретинизм каби ҳолатларга олиб келади.

Ўзбекистонда тупроқ ва озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида йод жуда кам. Ўзбекистонда уни фақат таблетка шаклида ёки йодланган ош тузи орқали олиш мумкин.

Йод қабул қилишни камдан-кам учрайдиган контрендикация, яъни унга аллергик реакция ва танадаги йоднинг ортиқча миқдори бўлгандагина рад этиш мумкин.

Хусусий боғча ва мактаблар керакли миқдордаги дори-дармонларни ўзлари жойлашган жойдаги клиникаларга мурожаат қилиб олишлари керак.

Дастурни самарали амалга ошириш учун дори тарқатилаётган муассасадагиларнинг ота-оналари ва маъмуриятнинг мунтазам онлайн сўровлари орқали мониторинг амалга оширилади.

2025 йилда болалар танасида йод миқдорини аниқлаш орқали бутун дастурнинг таъсирини баҳолаш режалаштирилган.

Дастур ташкилотчилари қатор вазирлик ва идоралар: Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, ССВ ҳузуридаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази кўмагида амалга ошириб борилади.

Дори-дармонларни сотиб олиш давлат бюджетидан молиялаштирилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.