Ўзбекистонда чегара орқали нақд чет эл валютасини ўтказиш миқдори оширилмоқда
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 100 миллион сўм эквивалентидан ортиқ миқдордаги Ўзбекистон Республикасининг нақд валютаси ва (ёки) нақд чет эл валютаси йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади, дея хабар беради Адлия вазирлиги.
Илгари бу сумма 70 миллион сўмни ташкил этарди.
Жисмоний шахслар декларация тўлдириш талаб этиладиган белгиланган эквивалентдан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларини божхона назорати шакллари қўлланилмасдан олдин декларацияламаган ҳолда божхона органлари ходимларига маслаҳат олиш мақсадида тақдим этганда, божхона органлари ходимлари томонидан жисмоний шахсларга декларация тўлдириш қоидалари билан боғлиқ умумий тушунтиришлар берилади. Илгари бу қоида мавжуд эмас эди.
Амалдаги қоидаларга кўра, 100 миллион сўм эквивалентидан ортиқ миқдордаги валютани олиб чиқишга қуйидагиларга рухсат берилади:
- резидентлар – хизмат сафарига юборилган ҳукумат делегацияларининг аъзолари;
- норезидентлар – йўловчи божхона декларацияси асосида, Ўзбекистонга олиб кирилган маблағлар миқдори доирасида, шунингдек, мамлакатда ўтказиладиган халқаро мусобақалар (танловлар, олимпиадалар) совриндорлари ва иштирокчилари пул маблағлари қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан.
Қарор уч ойдан кейин — 6 декабрдан кучга киради.
Шарҳлар