Ўзбекистонда далаларга етказиладиган сув нархи ошмоқда

Фото: Water Ways

Президент Шавкат Мирзиёев 4 январь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Жорий йилдан далагача етказилган 1 куб метр сув учун солиқ 100 сўм этиб белгиланди. Йиғилишда кўпчиликнинг онгида ўрнашиб қолган “сув – текин” деган тушунчани ўзгартириш вақти келгани қайд этилди.

Сув истеъмолчилари билан ҳисоб-китобни шу тамойил асосида йўлга қўйиш таклиф қилинмоқда. Жумладан, 2025 йилдан бошлаб, далада сув ҳисоблагич ўрнатган ва тежамкор технологияларни қўллайдиган фермерлар учун солиқ коэффициенти камайтирилади. Аксинча ҳолатларда эса оширилади. Шу билан бирга, сув етказиб бериш учун тўловлар бекор қилинади.

Давлат раҳбарининг топшириғига асосан, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Унга кўра, туман ирригация бўлимлари ва махсус хизматлар негизида “Сув етказиб бериш хизматлари” давлат муассасалари ташкил қилинади. Улар экскаватор ва бошқа техникалар билан таъминланади. Бу суғориш тармоқларига хизмат кўрсатиш ишларини 2 баробарга арзонлаштиради.

Шунингдек, барча суғориш тармоқларини хатловдан ўтказиш, эгалари бўйича бириктириш ҳамда ҳар бирининг ягона идентификацион рақамини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Йиғилишда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш жозибадорлигини ошириш чоралари ҳам кўриб чиқилди. бунинг учун имтиёзли кредит линияси ташкил қилинмоқда. Хусусан, кредитлар 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 14 фоизлик ставкада ажратилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги лойиҳалар учун эса 10 фоиз бўлади. Кредит олишда фермерлардан мол-мулк гарови талаб қилинмайди.

Шунингдек, кредитлар “онлайн” ажратилиши йўлга қўйилмоқда. Бу борада Агробанк томонидан “Suvkredit.uz” тизими ишлаб чиқилган. Яна бир муҳим томони, энди пудратчиларга сув тежовчи технологияларни фақат ишчи лойиҳа асосида қуриш, ўрнатилган тизимларга камида 2 йиллик кафолат бериш ва камида 5 йиллик сервис хизмати кўрсатиш каби қўшимча мажбуриятлар юклатилмоқда. Бу талабларни бажармайдиган пудратчилар тизимга киритилмайди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.