Ўзбекистонда фавқулодда вазиятлар сони 34%га камайган

Фото: ФВВ

Жорий йилда фавқулодда вазиятлар сони 34%га камайишига эришилди. Бу ҳақда АОКАда ФВВ бошқарма бошлиғи Фурқат Абдуқодиров иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинган. Шунингдек, тизимда 2023 йилдаги устувор вазифалари ижроси ҳақида маълумот берилди.

Жумладан, сел-тошқинларини олдини олиш бўйича 211 та махсус-тактик ўқув машқи ўтказилиб, 105 км.дан ортиқ масофада ички ариқ ва магистрал каналлар тозаланди.

«Шунингдек, жорий йилда янги қурилган 12 та ва капитал таъмирланган 4 та жами 16 та ёнғин-қутқарув қисми фойдаланишга топширилган. Шу билан бирга 50 га яқин ёнғин ўчириш ва махсус автомобиллар сотиб олиниб, хизматга жалб этилди», – дейилади.

Оммавий ахборот воситаларида тарғибот ишларини ташкил этиш юзасидан жами 13 024 та телекўрсатув, 264 140 та радиоэшиттириш, газета ва журналларда 6 509 та мақолалар, веб-сайтларда 31 614 та материал жойлаштирилганига тўхталиб ўтилди.

«Амалга оширилган ишлар натижасида 2022 йилга нисбатан 2023 йилда фавқулодда вазиятлар сони 34% яъний 44 тага камайишига эришилди», – дейилади хабарда.

Бугунги кунда вазирлик шахсий таркиби аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тадбирларига сафарбар этилган бўлиб, бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишнинг чоралари кўрилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.