Ўзбекистонда “Германия ҳафталиклари” ўтказилади
12 сентябрь куни Тошкентдаги Гёте институтида Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тило Клиннер иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжумани Ўзбекистонда ўтказиладиган “Германия ҳафталиклари” билан боғлиқ қатор тадбирларга бағишланди.
Ўзбекистонда “Германия ҳафталиклари”ни ўтказишдан мақсад давлатлар ўртасидаги алоқаларнинг кўп қиррали эканини кўрсатишдан иборат.
“Германия ҳафталиклари” доирасида 16 сентябрь куни Гёте институтида Очиқ эшиклар куни бўлиб ўтади. Ташриф буюрувчиларни немис стрит-арт рассоми Жим Авиньон ва диджей Хольгер Байер билан ижодий учрашувлар кутмоқда. Шунингдек, Германияда ўқиш ва немис тилини ўрганиш бўйича маълумот соатлари (Германия университетларига ўқишга кирмоқчи бўлганлар учун қизиқарли бўлиши мумкин), виртуал реаллик лабораторияси ва китоб ярмаркаси ташкил этилади. Очиқ эшиклар куни Гёте институтининг маданий ва лингвистик фаолияти ҳақида кўпроқ маълумот олишга ёрдам беради.
Шунингдек, “Немис ҳафталиклари” доирасида 112-мактабда махсус дастур тайёрлаган германиялик мактаб ўқувчилари иштирокида тадбирлар ташкил этилади.
Бундан ташқари, агромаданият, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик ишлаб чиқариши бўйича семинарлар ўтказилиши кутилмоқда.
“Германия ҳафталиклари” дастури доирасида Ўзбекистон ва Германия ўртасида қатор келишувлар имзоланади.
“Германия ҳафталиклари” тадбирлари нафақат Тошкентда, балки Ўзбекистон вилоятларида ҳам ўтказилади. Тадбирларнинг тўлиқ дастури билан Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий сайтида танишиш мумкин.
Шарҳлар