Ўзбекистонда гўшт нархи кескин ошди

Статистика агентлигининг маълум қилишича, Ўзбекистонда 2024 йил август ойи якунларига кўра инфляция 0,53 фоиз даражасида қайд этилди. Бу 2023 йил август ойи кўрсаткичидан бироз паст (-0,01 фоиз). Йиллик инфляция (2023 йил августига) 10,47 фоиз даражасида сақланиб қолган, йил бошидан (январ-август) нархлар ўртача 5,47 фоизга ошган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўтган ойда ўртача 0,5 фоизга ошди (тўрт йил ичида энг паст кўрсаткич, йиллик ҳисобда — атиги 2,8 фоизга ўсиш). Ноозиқ-овқат товарлари 0,7 фоиз (8,6%), пулли хизматлар нархи 0,4 фоиз (27,6%)га кўтарилди.

Гўшт нархи кескин ошди: мол гўшти — 5,3 фоизга (июл ойида — 1,5 фоизга, июнда — 0,7 фоизга), қўй гўшти — 4,9 фоизга (июл ойида — 1,5 фоизга, июнда — 1 фоизга). Республика бўйича мол гўшти чакана нархи 1 кг учун 1000 −12 000 сўм, қўй гўшти 2000−14 000 сўм оралиғида ошган. Йил бошидан буён мол гўшти 8 фоизга, қўй гўшти 8,2 фоизга қимматлашган.

Тухум 1,9 фоизга (йил давомида — минус 11,7%), кунгабоқар ёғи — 1,9 фоизга (-1%), гуруч — 0,7 фоизга (+3,4%) қимматлашди. Ун 0,7 фоизга (+10,8 фоиз), сут 0,2 фоизга (+5 фоиз), шакар 0,1 фоизга (+4,6 фоиз) арзонлашди.

Бир ойда картошка 5,5 фоиз (йил давомида — 15%), пиёз — 10 фоиз (-35,2%), сабзи — 8,9 фоиз (-31,6%), бодринг — 18,1 фоиз (-41,1%)га кескин қимматлашди.

Август ойида помидор 8,5 фоизга (-2 фоиз), булғор қалампири 18,9 фоизга (-12,8 фоиз), бақлажон 20,4 фоизга (-31,9 фоиз), узум 27,1 фоизга (+25,5 фоиз), тарвуз 33,1 фоизга (-40,6 фоиз) арзонлашди.

Дори-дармонлар нархи ўсишда давом этмоқда, август ойида у 0,6−1,3 фоиз (йил бошидан — 20,8%) оралиғида ошди.

Август ойида газ нархининг ошиши қайд этилган. Пропан нархи барча ҳудудларда 300 − 1800 сўм оралиғида юқори бўлди. Ҳудудлар кесимида ўртача нархнинг ўсиш диапазони 10,8−29,9 фоизни (ўртача 20,2 фоиз) ташкил этди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, метан нархининг юқори чегараси бекор қилингандан кейин бир ой ичида 4 фоизга қимматлашган. Маълум қилинишича, бензин аксинча, бироз арзонлашган (-0,2 фоиз).

Бундан ташқари, ҳайдовчилик курсларида ўқитиш учун тўлов миқдори ошгани қайд этилди (ўртача 5,8%). Темирйўл чипталари ўртача 0,6 фоизга (+44 фоиз), авиачипталар эса 1 фоизга (+5,9 фоиз) қимматлашди.

Спорт заллари ва секцияларига обуналар бир ойда 1,4 фоизга, маданият ва истироҳат боғларига ташриф буюриш 1,3 фоизга қимматлашди.

Хусусий боғчаларда нархлар бир ойда 0,5 фоизга (йил давомида — 11% га) ошди. Худди шу даврда таълим курсларида ўқитиш 1,4 фоизга (+13,4 фоиз) қимматлашди, репетиторлар хизматлари нархи 1,8 фоизга (+3,8 фоиз) ошди.

Қаҳвахоналарнинг нархлари йиллик ҳисобда 11,4 фоизга, ошхона ва газакхоналарнинг нархлари 13,3 фоизга, дам олиш марказларининг нархлари эса 18,3 фоизга ошди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.