Ўзбекистонда Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил қилинди
Республикада гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини ривожлантириш, шу жумладан, гул етиштиришда аҳоли билан кооперация муносабатларини йўлга қўйиш, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига илмий ишланмаларни жорий этишда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилди. Бу ҳақда президент қарорида сўз боради.
Гул етиштирувчилар уюшмаси фаолиятини ташкил этишга Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 20 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.
Андижон вилоятининг Андижон, Избоскан ва Олтинкўл туманлари, Наманган вилоятининг Наманган ва Давлатобод туманлари ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин ва Ғаллаорол туманлари гулчиликка ихтисослаштирилади. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Гул етиштирувчилар уюшмаси билан биргаликда уч ой муддатда гулчиликка ихтисослашган туманларда тажриба тариқасида гулчилик соҳасида тажрибага эга бўлган тадбиркорлар томонидан гулчилик кластерларини ташкил қилиш топширилди.
Халқаро молия институтларидан қишлоқ хўжалиги соҳаси учун жалб қилинадиган кредит линиялари мазкур қарорда белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун ҳам йўналтирилади.
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга очиқ майдонда ҳамда иссиқхоналарда гул етиштириш бўйича агротехник тадбирларни ўргатиш мақсадида Андижон, Жиззах ва Наманган вилоятларида ҳар бирининг майдони 2 сотих бўлган 25 та “Гулчилик ўқув полигон”ларини ташкил этиш учун 0,5 гектар ер майдони ташаббускор тадбиркорларга электрон онлайн-аукцион (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда) ёки очиқ электрон танлов (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда) орқали ижарага берилади.
“Гулчилик ўқув полигон”ларида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва махсус сертификат олган ишсиз, эҳтиёжманд оилаларга гул ва кўчат етиштиришни ривожлантириш мақсадида 6 сотихдан ер майдони электрон онлайн-аукцион (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда) ёки очиқ электрон танлов (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда) орқали ижарага берилади.
Шунингдек, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларида Гулчилик магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Шарҳлар