Ўзбекистонда Хитой Фанлар академияси Шинжон экология ва география институтининг филиали очилади
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Экология вазирининг ўринбосари Жусипбек Казбеков ва Хитой Фанлар академияси Шинжон Экология ва география институти бош директори Чжан Юанмин бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар чўлланиш ва ерлар деградациясига қарши курашиш, иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар. Шунингдек, Ўзбекистонда Хитой Фанлар академияси Шинжон Экология ва география институти филиалини очиш бўйича ҳам музокаралар жараёни бошланди.
Шу билан бирга, музокаралар чоғида Хитой Фанлар академияси Шинжон экология ва география институти ҳузуридаги Марказий Осиё атроф-муҳитни ўрганиш ва иқлим ўзгаришлари яшил университети талабалари учун амалиёт ўташ истиқболлари муҳокама қилинди, ёзги мактабларни ўтказиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига ахборот технологияларини жорий этиш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди.
Ташриф давомида Хитой делегацияси Атроф-муҳит ва атроф-муҳит технологиялари илмий-тадқиқот институтининг ГИС маркази фаолияти билан танишди ва экологик муаммоларни ҳал қилишда технологик ёндашув ва дронлардан фойдаланишни юқори баҳолади.
Шарҳлар