Ўзбекистонда хорижий спиртли ичимликларни реклама қилишга рухсат берилади
Ўзбекистонда маҳаллий бозорда рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида хорижда ишлаб чиқарилган алкогол, яъни пиво, табиий ва газланган виноларни реклама қилиш бўйича чекловлар бекор қилинади.
Янгиланган қонун Олий Мажлис Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди ва мақулланди.
Шунингдек, Қонунда интеллектуал мулк, реклама ва давлат божи билан боғлиқ бўлган миллий қонунчиликнинг қатор нормаларини Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига уйғунлаштириш мақсадида “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган.
Хусусан, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартириш йиллар давомида саноат ишлаб чиқаришга жорий қилинмаган ихтироларни ёки фойдали моделларни амалиётга жорий қилинишини таъминлашга, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ва бозорни тўлдиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, “Реклама тўғрисида”ги Қонун Жаҳон савдо ташкилотининг Хизматлар савдоси бўйича бош битимида назарда тутилган меъёрлар билан ўзаро мувофиқлаштирилиб, эркин рақобат муҳитининг яратилиши кўзда тутилган.
Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан чет элда ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилиш юзасидан чеклов бекор қилиниб, бу билан бозорда рақобат муҳитини юзага келишига замин яратилмоқда.
Шарҳлар