Ўзбекистонда илк бор юқори имкониятларга эга хусусий шифохоналарга клиник ординаторларни тайёрлашга рухсат берилди
2024/2025 ўқув йилидан юқори малакали илмий-амалий кадрлар потенциали мавжуд бўлган, замонавий моддий-техник базага эга хусусий клиникаларда клиник ординатурада мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилади.
Клиник ординатурада мутахассис тайёрлаш бўйича даъвогар бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига талабнома тақдим этган хусусий клиникаларни амалдаги қонунчиликка мувофиқ талабларга мос эканлигини аниқлаш ва таълим жараёни бошланишини белгилаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги комиссия томонидан амалга оширилади.
Комиссия хулосасига мувофиқ, бундай хусусий клиникаларни амалдаги қонунчиликда белгиланган шарт ва талабларга мос бўлганлари танлаб олинади.
Ҳар бир хусусий клиникага сифатли таълим жараён амалга ошириш имкониятидан келиб чиқиб:
- ўқитиладиган мутахассисликлар рўйхати;
- қабул квоталари кўрсаткичлари;
- қабул жараёни учун масъул котиблар номзодларини белгиланади.
Клиник ординатура мутахассисларини тайёрлайдиган хусусий клиникалар давлат тиббиёт олий таълим муассасаларига ҳудудлар кесимида бириктирилади.
Бириктирилган тиббиёт олий таълим муассасалари хусусий клиникаларга қабул жараёни, назарий таълим жараёни, сифатли узлуксиз таълим жараёни, билим ва кўникмалар назоратида методик ёрдам кўрсатиб боради.
Клиник ординаторларни ўқитиш ваколати берилган хусусий клиникалар ўрнатилган муддатда аккредитациядан ўтиши таъминланиб, белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.
Шарҳлар