Ўзбекистонда ит гўшти истеъмоли ҳақида хавотирлар бор
«Меҳр ва Оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти тез-тез фуқаролар, жумладан чет элликлар томонидан Ўзбекистондаги баъзи кафе ва ресторанларда ит гўштидан таомлар тайёрланаётгани ҳақида хабарлар келиб тушаётгани ҳақида ёзмоқда.
Маълумки, Осиёнинг айрим мамлакатларида итларни гўшти учун кўпайтириш қонунийлаштирилган бўлса-да, Ўзбекистонда бундай фермалар мавжуд эмас. Ит гўштининг эҳтимолий манбаси сифатида давлатнинг қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўлимлари (отловкалар) кўрсатилмоқда.
Ит гўшти истеъмолининг доривор хусусиятлари ҳақида фикрлар айрим миллатлар орасида тарқалган бўлса-да, булар илмий асосга эга эмас. Аксинча, ҳайвонлардан одамларга турли вируслар гўшт орқали юқиши эҳтимоли бор. Ҳатто гўштни кесиш ва пишириш жараёнида ҳам касаллик юқиши мумкинлиги хавфи мавжуд.
«Меҳр ва Оқибат» жамияти мазкур масала юзасидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Санитария-эпидемиология хизмати (СEС)га расмий сўров юборган. Улар қуйидаги саволларга жавоб кутмоқда:
- Ўзбекистонда ит гўштини истеъмол қилишга рухсат берилганми?
- Ит гўштидан таомлар тайёрланадиган умумий овқатланиш муассасаларининг фаолиятига рухсат бериладими?
Шарҳлар