Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт долзарблигича қолмоқда

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

«Бугунги кундаги энг долзарб масала, бу – яширин иқтисодиёт», – деган Президент. Айни пайтда Шакат Мирзиёев иштирокида 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Таҳлиллар хизматлар, қурилиш, саноат соҳаларида ўнлаб триллион сўмлик маҳсулот “соя”да қолаётганини кўрсатмоқда. Бу орқали ялпи ички маҳсулотга 135 триллион сўм, бюджетга 30 триллион сўм тушум йўқотилмоқда.

Масалан, қурилиш корхоналарининг 41 фоизи ҳисоботида фақат 1 нафар ишчисини кўрсатган. Ваҳоланки, бу корхоналар ўтган йилни ўзида 4 триллион сўмлик қурилиш ишларини бажарган. Ёки камида 25 гектардан ери бор 5 мингта мева-сабзавотчилик фермер хўжалигида 1 тадан расмий ишчи рўйхатдан ўтган.

“Бир нарсани аниқ тушуниш зарур. Яширин иқтисодиёт, авваламбор, тўғри ишлаётган тадбиркорлар фаолиятига катта тўсиқ бўлаяпти. Бугунги кунда интизомли тадбиркорлар “қани адолатли рақобат” деган ҳақли эътирозларини кўп-кўп айтаяпти”,- деди давлат раҳбари.

Ҳозирда яширин иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш билан 14 та орган тарқоқ ҳолда шуғулланмоқда. Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирадиган яхлит иш тизими йўқ.

Шунинг учун яширин иқтисодиёт билан курашиш янги поғонага олиб чиқилади. Шу мақсадда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолияти кучайтирилади.

Шу пайтгача Департаментнинг тергов юритиш ваколати бўлмагани ва қонунларда жуда кўп ҳуқуқий коллизиялар мавжудлиги сабабли самарали ишлай олмади.

Мисол учун, ҳозирги кунда “обнал фирма”га нисбатан жиноят иши қўзғатиш олти ойгача вақт олади. Бу даврда қўштирноқ ичидаги уддабуронлар барча ноқонуний ишларини якунлашга улгуради.

Шуларни ҳисобга олиб, Департамент чуқур таҳлил, тезкор-қидирув, тафтиш ва ўзи тергов қиладиган идорага айланади. Унинг раҳбари бир вақтнинг ўзида Бош прокурор ўринбосари бўлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.